Cобиқ депутат Жапаров ҳибсда бўйни ва қўллари кесилган ҳолда топилди

Жазони ижро этиш Давлат хизматидан тарқатилган хабарга кўра, 2 апрель куни соат 05:00 да №1 тергов изоляторининг Садир Жапаров сақланаётган камерасига тиббиёт ходимлари чақирилган. Улар унинг бўйни ва қўлларида кесилган яраларни кўришган ва соат еттиларда уни ИК №47 нинг марказий қамоқхона касалхонасига олиб боришган.

Жазони ижро этиш Давлат хизмати матбуот котиби Александр Никсдорфнинг айтишича, Жапаровнинг тергов изолятори раҳбарияти ва камерадошларига эътирози йўқ. “Соат 07:00 да Жапаровни №47 қамоқхона ҳудудидаги касалхонага олиб келишган. У ерда уни операция қилишди. Ҳозирда у алоҳида палатада ётибди. Унинг аҳволи қониқарли. Медикларнинг айтишларича, қон босими меъёрда”, – дея таъкидлайди Никсдорф.

Унинг сўзларига қараганда, Садир Жапаров билан адвокатлар, махсус прокуратура ва Омбудсмен институти вакиллари учрашишган. “У билан бўлган суҳбатда Жапаров ўзини-ўзи кесганлигини айтган. 1-тергов изолятори ва 47-қамоқхона ходимларига нисбатан унинг эътирозлари йўқ, у қариндошларини қўйиб юборишларини сўраган, холос”, – дейди Никсдорф.

Собиқ депутатнинг қариндошлари эса, у қон томирларини ўзи кесганига ишонишмайди ва мустақил тергов ўтказилишини талаб қилишмоқчи. Шу мақсадда улар прокуратура ва Қийноқларни олдини олиш миллий марказига мурожаат қилиш ниятидалар.

Бундан уч йил муқаддам республикадан чиқиб кетган Садир Жапаров 25 мартда Қирғизистонга қайтиб келган. Уни қирғиз-қозоқ чегарасидан ўтганидан кейин қўлга олишиб, Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасига олиб кетишган. Маҳфий хизматларнинг хабарига кўра, у 2013 йил 7 октябрда Қоракўлда бўлган норозилик акциялари билан боғлиқ жиноий иш юзасидан ҳибсга олинган. Суд Садир Жапаровни тергов якунига еткунига қадар 1-тергов изоляторида сақлаш борасида қарор чиқарган эди.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.