Журналист Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод қилинди

Журналист Бобомурод Абдуллаев ва унинг жиноий шериклари сифатида кўрилган уч киши устидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бир неча ҳафтадан буён давом этган суд жараёни 7 май куни якунига етди.

Журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159- моддаси, 1- кисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 1,5 йилга ахлок тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланди.

 Абдуллаевнинг жиноий шериклари сифатида судланган 3 фуқаро – Ҳаётхон Насреддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар, суд ҳукми билан оқланиб, суд залидан озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, улар устидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида олиб борилаётган суд ишининг 2 май кунги мажлисида прокурор суддан Абдуллаевга беш йил қамоқ жазоси тайинлашни, қолган уч судланувчини оқлашни сўраган эди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан «Усмон Ҳақназаров» имзоси остида «амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи» мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда «инқилоб қилиш»га уринишда гумон қилиниб судланди.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган