Ўткирбек Абдумўминов: “Ёшларнинг ўзини танишига имкон бўлмаяпти…”

Бугунги кунда ёшларнинг илмга, маънавиятга бўлган қизиқиши тобора пасайиб бораётгани ҳақида кўп айтилмоқда. Бироқ, қирғизистонлик ёшларнинг ичида ўз илми билан келажак учун пойдевор яратаётганлар, маънавий, руҳий дунёсини бойитишга интилиб яшаётганлар ҳам бор. Улардан бири Ўткирбек Абдумўминов.

У 1987-йили Ўш шаҳрида туғилган. Қорасув районига қарашли “Чўлпон” ўрта мактабини аъло баҳолар билан ўқиди.1998 йили Қирғиз-Турк лицейида таълим олган. 2003 йилда эса Туркиянинг Анқара шаҳридаги университетлардан бирининг Тиббиёт факультетида ўқий бошлади. Ҳозирда Газа университетига қарашли шифохонада тажриба ортирмоқда. Оилали, бир фарзанднинг отаси.

 Ўткирбек билан суҳбатимиз унинг бугунги жамиятимиз ҳақидаги мулоҳазалари ҳақида бўлди.

 Ўткирбек сизни “Биз”га ёзган “Нима эксанг шуни ўрасан” деб номланган мақолангиздан сўнг танидик. У ерда жамиятнинг маънавиятдан кўра моддиятни устун қўяётгани, лўндароқ айтсак, қорин дардининг устун бўлиб бораётгани ҳақида ачиниш билан ёзилган фикрлар бор. Менимча, бу фикрлар дабдурустдан ўйлаб топилмаган. Аксинча, анча вақт сизни ташвишлантирган мавзу бўлса керак…

–       Ассалому алейкум, менинг фикрларим билан қизиққанингиз учун раҳмат. Аввало шуни айтишим керакки, жамиятимиздаги ёшларнинг бошқа жамиятдаги ёшлардан фарқи йўқ. Хатто ёшларимиз янада ақлли, янада тарбиялироқ деб ҳисоблайман. Бизнинг жамиятимиздаги муаммо шуки, ёшларимиз балоғат ёшига етгач ўзи  келажакда эгалламоқчи бўлган касбини, йўлини танлашда қийналишмоқда. Бунга нима сабаб бўлмоқда? Менинг фикримча, ёшларимизнинг аксар ҳолларда оиланинг моддий эҳтиёжларига қарашишга мажбур қолаётгани сабаб, ўзини билишга ва танишга имкон бўлмаяпти. Ёки ўз қизиқишларини, ўзига хос йўлни кеч англашяпти. Ёшлар мактабни битиргач оила бюджетига пул олиб киришни ўзига бурч деб қабул қилмоқда. Дейлик, у жуда яхши расм чизади. Аммо, рассомлик ҳозирги вақтда кўп пул ишлашга имкон бермагани учун, ўзини бозорга урмоқда. Хуллас, ўзлигимизни вақтида англашга имкон оз. Менинг жамиятимиздаги энг бой оилалар билан бирга, энг камбағал бўлган оилалардан ҳам дўстларим бўлган.Уларнинг умумий бир муаммоси, бари ўзи истаган иш билан шуғулланмас эди. Асосий фикри қандай қилиб, пул топиш керак, бўлиб қолганди. Бунинг ортидан ёшларимизнинг истеъдоди қувватланиш ўрнига йўқ бўлиб кетяпти.

Аслида бу гапларни, бу муаммоларни ҳамма билади. Лекин, бу муаммони бартараф этиш учун бирор кучли қадам қўйилмаяпти.. Мустақиллигимизга йигирма йилдан ошдики, ҳалигача бирор ўзгариш йўқ. Шу сабаб инсон ноилож умидсизликка тушади. Бироқ, умидни узмаслик керак…

–       Ҳозир сиз Туркияда тиббиёт соҳаси бўйича билим оляпсиз. Нега айнан Туркияни танладингиз ва у ерда ўқишни истаган ёшларга қандай йўлланмалар бера оласиз?

–       Мен Қирғиз-Турк лицейида ўқиганман. Шунинг учун Турк тилини оз-моз билардим. Туркияга ўқишга кириш учун икки-уч йил тайёрланганман. Туркиядаги маориф системасидан хабар бўлгани учун бу ерга келиш унчалик қийин бўлмади. Лекин, сўнгги уч-йил ичида ўқишга кириш тизими ўзгариб боряпти. Бу ҳақда  www.turkiyeburslari.gov.tr сайти орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

Айтишим мумкин бўлгани, ҳозирда имтиҳонли ва имтиҳонсиз ўқишга кириш имкониятлари бор. Стипендияли ёки стипендиясиз таҳсиллар бор. Кўп ҳолларда талабаликка давогарларнинг шу пайтгача бўлган ютуқлари, айтайлик, олимпиада медаллари, фахрий ёрлиқлари борми ёки тил билиши каби сифатлар билан қизиқишади. Олиднлари имтиҳон бўлар эди, ҳозирда эса кўпроқ оғзаки, сўзлашувлар орқали текширилиб, қабул қилинади.

–       Туркия маориф тизимидаги ва тиббиёт соҳасидаги ютуқларнинг қайси бирларини Қирғизистонга татбиқ этилишини истардингиз?

–       Бу саволга жавоб бериш учун Қирғизистондаги ҳозирги вазиятни, маориф тизимини яхши билиш керак. Шу сабабли, бунга жавоб беролмасам керак.

–       Билишимча, Туркияда ўзбеклар маркази ташкил этилган экан. Шу ҳақда ҳам бир оз маълумот бериб ўтсангиз.

–       Марказимизнинг энг асосий мақсади – ўз анъаналаримиздан узоқлашиб қолмаслик. Шу сабабдан ҳам марказимизни Туркиядаги ўзбек маданияти ва санъати деб атадик. Бу марказ ўзбекистонлик, қирғизистонлик, тожикистонлик, афғонистонлик ўзбек ёшлари билан бирга ташкил этдик. Кўпроқ миллий байрамларимизни уч йилдан бери қолдирмай нишонлаб келамиз. Яна бир мақсадимиз тарихимизни, тарихий шахсларимизнинг ибратли ҳаёт йўлини тарғиб қилиш. Шунингдек, марказ қошида ўзбек тили курсларини очиш режамиз бор. Чунки, бу ерда яшаётган ўзбек оилалари бор ва уларнинг фарзандаларининг ўзбек тилини унутиб юбориш хавфи бор. Ёшларнинг ўз она тилидан узоқ қолмаслигига ҳаракат қилмоқдамиз. Имкон бўлса, тез орада очилиб қолади деб умид қиламиз.

–       Сўнгги сўз ўрнида нималар дейишни истардингиз? 

–       Мен ота-оналарнинг ҳеч қўрқмасдан фазандларини чет ўлкаларга ўқишга юборишини, фарзандларининг фикрлари, орзу-истакларининг ортида туришларини истардим. Ёшларимизнинг эса ўзларини англашга, бу учун кўп-кўп китоблар ўқишларини хоҳлардим.Ўзи истаган иши билан шуғулланган одам шунчалик бир лаззат олади. Шунинг учун ёшларимиз ўз мақсадлари сари интилсалар. Ҳозирги ёшларда бизнинг болалигимизда бўлмаган имконият – интернет бор. Агар қайси давлатда ўқишни истамасинлар, интернет орқали ўша ердаги ўзбекларни топишлари ва улардан беминнат ёрдам олишлари мумкин. Масалан, биз ҳам Туркияда ўқишни истаган ёшларга қўлимиздан келган ёрдамни беришга тайёрмиз. Ҳеч қачон тортинмай, ийманмай илмга отланишларини тилаб қоламан.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz