Ўш: террор ҳодисасини режалаштирганликда гумон қилинган эркак ушланди

Ўшда 22 ёшли фуқаро ушланди. У Сурия-Ироқ ҳудудларидаги қуроли можароларда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. ИИВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс ҳалқаро террор ташкилотининг аъзоси бўлиб, ИШИДнинг Сурия ҳудудларидаги лагерларида жанговор-қўпорувчилик тайёргарликдан ўтган.

Гумондорнинг турар-жойи тинтув қилинганида у ердан катта миқдорда экстремистик руҳдаги материаллар топилди. Жумладан, араб ва ўзбек тилларида фото ва аудиоёзувлар, видеоматериаллар, дисклар, китоблар, варақалар топилган. Шунингдек, унинг террор фаолияти ва экстремистик гуруҳлар билан алоқасини тасдиқловчи айрим ҳужжатлар ва мулоқотлар ёзувлари қўлга туширилди. Иккита РГД-5 портловчи граната ҳам топилди.

Ўш ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, Сурия-Ироқ ҳудудларидаги қуролли можароларда иштирок этган қўлга олинган фуқаро террор ташкилотининг ғояларини тарғиб қилиб келган ва экстремистик руҳдаги материалларни тарқатган. Жанубий минтақада террор ҳодисаларини уюштиришни режалаштирган.

Ҳибсга олинган шахс Вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Тергов давом этмоқда.

Бундан аввал Хавфсизлик кенгаши котиби Темир Жумақодиров баёнот бериб, 2016 йилда Қирғизистонда 17 та террор ҳодисасининг олди олинганини, халқаро террор ташкилотининг уч аъзоси йўқ қилинганини айтган эди.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган