Туркиядаги референдумда Эрдўғонни аксарият қўллади

Анадолу давлат янгиликлар агентлиги 16 апрель куни ўтказилган референдумда овоз бериш натижаларини 100 фойиз санаб бўлинганлигини хабар қилди. Туркия фуқароларининг аксарияти Конституцияга киритиладиган ўзгартишларни маъқуллашган. Унга кўра, мамлакат парламент бошқарувидан президент бошқарувига ўтади.

Сайловчиларнинг 51,35 фойизи (24 миллион 326 минг одам) ўзгартишларни қўллаб, 48,65 фойиздан зиёди (23 миллион 187 минг одам) қарши овоз беришган. Бу сўнги 100 йил ичидаги мамлакат бошқарувида бўлган энг катта ислоҳот ҳисобланади.

Референдум натижаларига биноан, президент Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ваколатлари кенгаяди. Энди бош вазир ўринбосарлари (бош вазир лавозими бекор қилинади), Конституцион ва Олий суд аъзолари ҳамда прокурорларни унинг ўзи тайинлайди, парламентни ўзи тарқатиб юбориш ва фавқулодда вазият ҳолатини ўзи киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, Эрдўғон ҳокимият тепасида 2029 йилгача қолиши мумкин.

Референдум пайтида муҳолифат партиялари ва ОАВ сайлов участкалари ва улардан ташқарида рўй берган кўп сонли қоида бузилишлари ҳақида хабар беришган. Улар овоз бериш кунида ташвиқот ишларининг тақиқланганига қарамасдан йирик шаҳарларда, жумладан Анқара ва Истанбулдаги биноларда ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партиясининг плакатлари осилиб турганидан тортиб то натижаларнинг кенг миқёсда бузиб кўрсатилишигача хабар беришган.

Муҳолифатдаги Халқ республика партияси (ХРП) вакилларининг айтишларича, қоида бузишлар овоз бериш участкаларининг 60 фойизида кузатилган. ХРПдагиларнинг гапларига қараганда, ҳукумат бекор қилиниши лозим бўлган 1,5 миллион овозларни ҳам ҳисобга олган. ОАВ берган хабарларга кўра, кўплаб участкаларда сайлов комиссияси вакиллари овоз бериш варақаларига муҳр босишмаган, баъзи конвертлар ҳам муҳрланмаган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқда номаълум одамлар таклиф қилинган ўзгартишларни қўллаб овоз бериб, бўш бюллетенларни муҳрлаётган видео ҳам тарқалиб кетган.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz