Туризм: Тожикистон қирғизистонликлар учун эшигини очди. Ўзбекистон-чи?

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Акмал Ортиқов ўз саҳифасида қўшни мамлакатлар ўртасидаги сайёҳлик алоқалари тўғрисида ўз фикрларини билдирди. Қирғизистонликларинг Тожикистон санаториясига бемалол бориб, дам олиб келиши учун яратилган шароитлар фонида нега Ўзбекистон чегараларидан ўтиш машаққатлари давом этмоқда деб ёзади тармоқ фойдаланувчиси.

Акмал Ортиқов

Ушбу мақола муаллифнинг шахсий фикри ҳисобланади  

Бугун бир блоггерлик қилгим келди. Ичимда тўпланиб колган фикрларимни ёзгим келди.

Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар учун Тожикистон туризм эшикларини очди.Ўзбекистон ёпиб кўйган эшикни. Жуда кўпчилик ҳозирги кунда Тожикистондаги “Бахористон” сиҳатгоҳига дам олгани боряпти. Чегарадан ўтиш бир зумлик эмиш, ошиқча текшир-текшир йўк, Тожикистон ичида хам бемалол юриш мумкин эмиш, милиция ёки бошқаси текширмас экан. Ўзбекистонга ўйнагани бориб турадиган ўзбеклар учун жуда зўр алтернатив.

Мен бугун 600 $ га онам, қизим ва холамга 3та путёвка олдим, шу санаторияга. У ерда яна таҳминан 100$ дан харжлашади, дам олиш учун. Жами 900$. Ўшда бу санатория ўз офисини очганига ва бориб келганларни хикояларига қараганда бораётганлар сони анчагина. Демак 10-100 минглаб доллар Тожикистонга кетяпти.

Ўзбекистонга жон деб борардик. Лекин, чегарадан ўтиш учун телеграмма келиши керак Ўзбекистондан. Беш йилча аввал мени ўша пайтда 86 ёшга кирган бобомнинг Қўқонга келин бўлиб тушган 80 ёшдан ўтган синглиси оламдан ўтди. Бобомга телеграмма келди, Қўқондан ва шунинг асосида чегарадан ўтмоқчи бўлиб бордик. 86 ёшга кирган чолни ўтказишмади – ўлган синглиси билан чолнинг фамилияси бошқа-бошқа эмиш. Сени эрга теккан синглингни фамилияси сеники билан бир хилми дейдиган одам йўқ чегарачига. Кимнинг хаддига унақа дейиш, қўрқамиз улардан.

2012 йили охирги марта Тошкентга боргандим, “Дўстлик” чегарасида сахарлаб “очередь”. Кутиб, тик турибмиз юзларча одам. Эшик олдида солдат йигит қарини қари, аёлни аёл демай бехурмат киляпти. Қари кампир дарвоза олдидаги ўтирса бўладиган ерга ўтириб турай деса, унамаяпти солдат. Бир йил олдин Қашкадарёнинг бир қишлоғида сўкиш эшитиб, пахта териб юрган, яна бир йилдан кейин иш йўқлигидан Россияда “гастербайтер”лик қилиши мумкин бўлган солдатнинг марҳаматига қараб турибди юзларча одам. Шуни кайфиятига боғлик ўтишимиз, шуни икки дудоғини орасида ҳамманинг «такдир»и. Шунақанги кибр нигоҳ билан, виқор билан турибди.

Сурат: «ozodlik»

Эплаб ўтдик, мархамат кўрсатди, Қашкадарёлик солдат бола. Сал ичкарида энди паспорт назорати бор, у ерда 2 нусхада хамма декларация ёзиши керак. Қари кампирлар ёзолмай гаранг, ёзмокчи бўлганларга ручка етишмаяпти. Ёзиб кирсанг хато килиб қўйсанг ёш чегарачи солдат дакки беряпти. 20 яшар солдат 40 ёшли бир кишига дакки беряпти «нимага хато килдингиз? » қайта-қайта шу саволни беряпти. У бечора гаранг, бошқа қоғоз беринг, қайта ёзиб берай, деяпти. Солдат «йўқ сизга ошиқча коғоз, шу ерда турасиз энди, следующий» деб, кейинги одамни декларациясини текширишни бошлади. Аслида сенлар хато килаяпсан саводсиз халққа 2 нусхада декларация ёздириб, дейдиган одам йўқ, кимнинг хаддига бунақа дейиш.

Мени декларациям тўгри экан ўтдим. Кейин бир ёш “СНБ”чи болага рўпара бўлдим. Мендан ташқари яна бир ёш йигит ва 50 ёш атрофидаги бир кишини бир хонага олиб кирди. Уччаламизни бир-биримизга гувох қилиб ечинтирди шимимизгача. Телефонларимизни текширди. Меҳмонга раво кўриладиган ишми бу, шармандалик дегани одам йўк, кимнинг ҳаддига, ха энди хизматчилик-да дедик, ўзимизга таскин бериб.

Ўзбекистон чегарасидан ўтишдай ҳакоратни ўзимга халигача раво кўрмай, бормай юрибман.

Бунча нарсани нимага ёздим. Бошида ёзганим 600 $ бор-ку. Шу сенники эди-я Ўзбекистон, лекин Тожикистонга кетди. Лекин “Евроньюс”да Ўзбекистонни туристларга реклама қилишда давом этишяпти? Қайси туристларга? Яшил кўзли, малла сочлими? Бизчи?

Муаллиф: Акмал Ортиқов

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz