Тожикистонда электр энергияси яна қимматлади

Тожикистонда аҳоли, корхоналар ва идоралар учун электр энергияси нарҳи яна ошди. Бу ҳақдаги қарор мамлакат раҳбари Эмомали Раҳмон томонидан қабул қилинган.

Ҳужжатга биноан, бюджет ташкилотлари, хизмат кўрсатиш корхоналари ва спорт мажмуалари учун бир киловатт-соат электр энергиясининг нарҳи 14.20 дан то 14.65 дирамгача (тахминан 2 цент), электр энергиясида ишлайдиган транспорт учун 9.55 дан то 14.65 дирамгача ошган. Насос станциялари учун электр энергияси нарҳи икки баробарга кўтарилган.

Нарҳларнинг кўтарилиши TalCo алюминий компаниясига дахли йўқ. Бу корхона учун электр энергияси 1 майдан 30 сентябргача бир киловатт-соат учун 7,20 дирамга тенг, 1 октябрдан 30 апрелгача эса- 11,80 дирам.

Тожикистонда охирги марта электр энергияси нарҳи бундан ярим йил олдин ошган эди. Ўшанда бир киловатт-соат электр энергияси нарҳи аҳоли учун 12,6 дан 14,65 дирамгача ошган. Ишлаб чиқарувчи корхоналар учун электр энергияси нарҳи 35,65 дирам қилиб белгиланган эди.

Тожикистон ҳукумати кўп йиллардан буён энергетика нуқтаи назаридан мустақилликка эришиш учун курашяпти ва бу борада қурилиш ишлари расман ўтган йилнинг 29 октябрида бошланган Роғун ГЭСига катта умид билан қарайди. Шу йилнинг ўзида янги ГЭСнинг биринчи агрегати ишга тушиши керак.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган