Тожикистон шарқида рўй берган қор кўчкиси оқибатида 10 та уй вайрон бўлди

Тожикистон шарқидаги Сангвор туманида рўй берган қор кўчкиси оқибатида ўнта уй вайрон бўлди. Маҳаллий расмийларнинг хабар беришларича, чорва моллари, шунингдек, боғлар, асалари уялари, томорқа ерлари нобуд бўлган.

28 март куни тунда кўчган қор кўчкиси Дараи Ҳайрон қишлоғидаги йўллар ва электр тармоқларини бузиб юборган. Қишлоқда яшовчи Али Сафаров оиласини Худо асраганини айтади: кўчки фақат уларнинг молхонасини босиб қолган. “Лекин биз 17 та сигирни йўқотдик. Тоғ қишлоғида яшовчи биз каби одамлар учун бу катта йўқотиш. Биз табиий офат оқибатида 100дан ортиқ қорамол нобуд бўлганини ҳисоблаб чиқдик”, – дейди Али Сафаров.

“Афсуски, мамлакат туманларидан бирида ота-оналарнинг хавфсизлик қоидаларига риоя этишмагани ва лоқайдлиги сабабли ёғингарчиликлар туфайли каналларнинг қишлоқлар яқинидаги қирғоқ чизиқлари бузилиши ҳамда ювилиши натижасида икки ёшли қиз чўкиб кетган”, – дейилади ФВҚ томонидан тарқатилган маълумотда.

Сел келиши оқибатида Тожикистон жануби Ховалинг тумани Шуғнов қишлоқ йиғинидаги Даштирубоб ва Сияҳфарк қишлоқлари ўртасидаги кўприк бузилиб кетган. Сел оқими Ховалингдаги “Гули Мурод” олтин қазиб чиқариш корхонасига ҳам зарар етказган.

Тожикистонда табиий офатлар хавфларини пасайтириш бўйича Миллий стратегия маълумотларига кўра, 1997 йилдан 2018 йилгача 3,4 мингдан зиёд ФВ рўйхатга олинган. Ушбу даврдаги табиий офатлар оқибатида кўрилган зарар 589 млн. доллардан ошиб кетган.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган