Текебаев билан Чотонов яна икки ой уй қамоғида қоладиган бўлди

Бишкекнинг Первомайский туман суди “Ата Мекен” сиёсий партияси етакчиси Омурбек Текебаев ва собиқ министр, эксэлчи Дуйшенкул Чотоновнинг жазо чорасини ўзгаришсиз қолдирди.

28-октябрь куни суд тортишувларига ажратилган икки ойлик муддат ниҳоясига етди. Шу муносабат билан судья жараённи чўзди, бу билан ҳар икки айбланувчининг уй қамоғини узайтирди.

21-август куни Олий суд ҳукмни бекор қилди ва Омурбек Текебаев ҳамда Дуйшонкул Чотоновнинг ишини янгидан очилган ҳолатлар бўйича Бишкекнинг Первомайский туман судига қайта кўриб чиқишга юборди.

29-августда Бишкекнинг Первомайский туман суди гумондорларга эҳтиёт чорасини ўзгартирди ва улар суд залидан уй қамоғига қўйиб юборилди.

2017-йилда Россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг 1 миллион доллар пора бергани ҳақидаги кўрсатмалари асосида Текебаев ва Чотонов 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Сиёсатчиларнинг ўзлари айбини тан олмаяпти ва собиқ президент Алмазбек Атамбаев томонидан сиёсий таъқибга учрагани ҳақида гапиришмоқда.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган