Суд: Сапар Исаков судга келишни истамаса мажбуран олиб келинади

Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов изоляторида қолаётган собиқ премьер-министр Сапар Исаков суд мажлисида иштирок этишдан бўйин товласа, у ерга мажбурий тартибда келтирилиши мумкин.

Бишкек иссиқлик электрстанциясини модернизациялашда коррупция тўғрисидаги иш бўйича жараёнда раислик қилаётган Свердлов туман суди судьяси Инара Гилязеддинова шу ҳақда қарор қабул қилди.

Исаков 25-октябрь куни камерани тарк этишдан ва суд мажлисида қатнашишдан бош тортди. У ўз қарорини ИЭСни модернизациялашда коррупция ишида айрим гувоҳларнинг сўралмаётгани билан изоҳлади, Шундан кейин суд қарори қабул қилинди.

Бишкек ИЭСни модернизациялашда 386 млн долларлик коррупция тўғрисидаги ишда юқори мартабали амалдорларга айблов қўйилган. Қўлга олинганлар орасида собиқ премьер-министр Сапар Исаков ва Жанторо Сатибалдиев, энергетика собиқ министри Осмонбек Артикбаев, Миллий энергохолдинг собиқ раиси Айбек Калиев, унинг ўринбосари Жолдошбек Назаров, “Электрик станция” корхонасининг собиқ раҳбари Салайдин Авазов ва ИЭС реконструкцияси бўйича лойиҳанинг собиқ ижрочиси Темирлан Бримкулов бор. Собиқ молия министри Ольга Лаврова уй қамоғида. Уларга ҚР Жиноят кодексининг “Коррупция” ва “мансабини суистеъмол қилиш” моддалари бўйича айблов қўйилган.

Саккиз нафар айбланувчини 20 нафар адвокат ҳимоя қилмоқда. Давлат айбловчилари томонидан 6 киши иш олиб бормоқда. Иш Бишкекнинг Свердлов тумани судида кўрилмоқда.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган