Россиялик ҳуқуқ ҳимоячисини Қирғизистонга киритишмади

9 июль куни Қозоғистон орқали Қирғизистонга кирмоқчи бўлган ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи «Мемориал» маркази раҳбари Виталий Пономаревни мамлакатга киритишмади. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди.

– Қирғизистонга кириш учун паспорт назоратига кирар эканман, чегарачилар менинг паспортимни олиб қўйишди ва қаёқадир олиб кетишди. Орадан бироз вақт ўтиб улар қайтиб келишди-да, мамлакатга кирмаслигим тўғрисидаги далолатномани топширишди. Бу ҳужжатда фақат «Давлат чегараси» тўғрисидаги қонуннинг 43- моддаси ва «Ташқи миграция» тўғрисидаги Қонуннинг 7-моддаси бўйича менга Қирғизистонга кириш тақиқлангани ёзилган эди. Қарор қайси идора томонидан қабул қилингани, қачонгача амал қилиши ёки бошқа маълумотлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

Виталий Пономаревнинг айтишича, у 29 июн куни Москвадан Қирғизистонга самолётда учиб келган ва 1 июлдан 3 июлгача давом этган экстремизмга қарши курашга бағишланган анжуманда қатнашган. Эртаси – 4 июл куни Остонага учиб кетган. Самолётга чиқиш олдидан чегарачилар 50 дақиқа ушлаб туришганидан сўнг қўйиб юборишган. Сўзига қўшимча қилган Пономарев Бишкекда шахсий буюмлари қолганини, уларни олиб 10 июл куни Москвага учиб кетмоқчи эканлигини айтди.

Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи «Мемориал» марказининг раҳбари Виталий Пономарев собиқ президент Қурбанбек Бакиев ҳукмронлиги даврида ҳам Қирғизистонга кириши тақиқланган эди. 2009 йилда чегарачилар «Манас» аэропортида уни ташқарига чиқармаган бўлса, иккинчи бор россиялик ҳуқуқ ҳимоячисини Каинди темир йўл вокзалидан ортга қайтаришган эди.

ҚР хуқуқ ҳимоячилари Пономаревнинг ҚРга киритилмаслиги билан боғлиқ юзага келган вазият муносабати туфайли омбудсменга мурожаат қилди. Айни дамда ҳуқуқ ҳимоячиси Бишкекдан Москвага учиш ниятида олган чиптасини қайтариш, Қирғизистонда қолган шахсий буюмларини қайтариб олиш билан шуғулланмоқда.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган