“Озод қушлар”: Ўшлик шоирнинг илк китоби нашрдан чиқди

Ўшлик шоир Раҳмижон Алининг “Озод қушлар” деб номланган илк шеърий тўплами адабиёт ихлосмандларининг қўлига етиб борди.

“Қушлар албатта, озодликда, қафасда турганда эмас, балки қанот ёзиб, баланд-баланд парвоз қилганда гўзал. Уларнинг биздан устун томони ҳам эркида. Шунинг учун биз ҳам кўнгил қафасидан чиққан “қушлар”ни озод қилишни истадик, уларнинг бошқа қафасларни ҳам забт этишини, бошқа ҳудудларга учишини истаб, “Озод қушлар”ни нашр этдик”, – дейди Раҳимжон Али.

Қирғизистонда ижод қилаётган ўнлаган ижодкорларнинг шеърий, насрий, хотира асарлари давомий тарзда чоп этиб келинади. Бугунги бозор иқтисоди шароитида маблағ топилса ўз китобини нашр қилишга бошқа ҳеч қандай тўсиқ ҳам йўқ. Шундай шароитда ўзининг уч-тўрт китобини чоп этишга улгурган ёш ижодкорлар ҳам бор. Лекин, Раҳимжон Али унинг ижодий муваффақиятлари тан олинганига қарамай илк шеърий тўпламини 24 ёшида чоп этди. Бунинг сабабини у шундай изоҳлайди:

“Аввало насиб шу вақтга бўлган экан.Бу ҳам яхшиликка деб ўйлайман. Тўпламга киритилган шеърлар 2006-2016 йиллари ёзилган. Бир қанча шеърларни тўпламга киритмадик. Бу вақт оралиғида эса имкон қадар шеърларни таҳрирлаш, пишитишга ҳаракат қилдик. Баъзи бир болаликда ёзилган шеърларга эса тегмадим. Чунки у ўша пайтдаги боланинг ўз нигоҳи эди”.

Қирқ шеърни ўзида жамлаган мўъжаз тўпламга ҚР Ёзувчилар миллий иттифоқининг аъзоси Бегижон Аҳмедов, “Илҳом” ижодий уюшмасининг раиси, шоир Аъзам Раҳим ҳамда Т. Абдумомунов номидаги Республика мукофотининг лауреати, драматург Элмурод Юсуф муҳаррирлик қилган.

Шеърий тўплам “Актив Дизайн” босмахонасида 1000 нусхада чоп этилган.

Раҳимжон Али (Раҳимжон Алижон ўғли) 1993 йилнинг 25 январида Ўш областининг Қорасув районига қарашли Қизил Меҳнат қишлоғида туғилган.

Ўш Давлат Ижтимоий Университетининг инглиз тили филологияси йўналиши бўйича 4-босқичда таълим олади.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz