Қозоғистонда “Таблиғи Жамоат”га аъзоликда айбланганлар қамалди

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги суд вилоятлик етти кишини Қозоғистонда тақиқланган “Таблиғи Жамоат” диний ташкилоти ғояларини тарғиб қилганликда айблаб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Гуруҳнинг тахмин қилинган раҳбари ва унинг тахмин қилинган сафдоши жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан тўрт йилга қамалган, қолганларига эса жазони эркинликдаги колонияда ўташ шарти билан бир йилдан қамоқ жазоси тайинланган, деб хабар беради маҳаллий ОАВ. Етти кишининг ҳаммаси суд залининг ўзида қамоққа олинган.

Гуруҳ Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ноябрь ойида қўлга олинган эди. Уларга нисбатан “Экстремизм ёки терроризмни амалга оширгани учун фаолияти суд қарори билан тўхтатилган ёки ман қилинган жамоат ёки диний ёки бошқа турдаги ташкилот фаолиятида иштирок этиш” моддаси бўйича жиноий иш очилган.

Тергов тахминига кўра, қўлга олинган гуруҳнинг иккита тахмин қилинган фаоли 2000 йилларда “Таблиғи Жамоат”нинг издошларига айланишган ва хорижда таҳсил олишган. Суд материалларига қараганда, улар ташвиқот ишларини Қорабулоқ ва Қорасув аҳолиси орасида, масжидларда ва хонадонларда олиб боришган.

Хабарларда айтилишича, қамалганлар судда уларга қўйилган айбларни инкор этишган.

“Таблиғи Жамоат” Қозоғистонда 2013 йил февраль ойида суд қарори билан тақиқланиб, экстремистик ташкилотлар қаторига киритилган. Ҳукуматнинг таъкидлашича, ушбу ташкилотнинг мақсади минтақада исломий халифалик тузишдир.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz