Остона хорижий ташувчилар устидан назорат кучайтирилганини эълон қилди

Қозоғистон тараққиёт ва инвестициялар вазири Женис Қасимбек 17 октябрь куни Остонада ўтказилган брифингда мамлакат ҳудудларида хорижий ташувчилар устидан назорат кучайтирилганлигини маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига қараганда “мамлакатда ташувчилар ўртасида рақобатбардошлик шароитини яратишга қаратилган” бу каби чоралар доирасида бир ҳафта давомида 2 минг 700дан ортиқ автотранспорт воситаси текширилди ва 193та қоида бузилишлари аниқланди.

Вазир Қасимбекнинг маълум қилишича, қоида бузилишларининг катта қисми – 60 фоизи(117та) қирғизистонлик ташувчилар, 20 фоизи(38та) россиялик ташувчилар, яна 20 фоизи(38та) қолган, жумладан Туркия, Тожикистон ва Туркманистон ташувчилари ҳиссасига тўғри келади.

Текширувлар ўтказилиши муносабати билан чегара минтақаларига, жумладан Жамбул вилоятига транспорт назоратининг қўшимча кўчма постлари юборилди. Маҳаллий полиция хизмати (МПХ), Иқтисодий текширувлар хизмати (ИҚХ) ва Давлат Даромадлар қўмитаси (ДДҚ) билан ҳамкорликда транспорт воситаларининг кириб келиши устидан куну-тун назорат ўрнатилди.

Вазирлик маълумотларига қараганда, йил бошидан бери 58 мингдан ортиқ хорижий автотранспорт воситалари текширилиб, 2 538 та қоида бузилиши аниқланган. Қозоғистон томонининг айтишича, қоида бузилишларининг катта қисми (933та) қирғизистонлик ташувчилар ҳиссасига тўғри келади.

10 октябрдан бошлаб Қозоғистоннинг Қирғизистон билан чегарасида назорат кучайтирилди. Бунинг оқибатида Қозоғистон билан чегарада фуқаролар, юклар ва транспорт воситаларининг узундан-узоқ навбати пайдо бўлди.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz