Оқ Уй: Трамп ва Путин Суриядаги зўравонликка якун ясаш йўлини муҳокама қилишди

Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин сешанба куни телефонда Суриядаги вазиятни муҳокама қилишди. Бу тўғрисида Оқ Уйнинг матбуот хизмати баённомасида маълум қилинади.

Унда таъкидланишича, Трамп ва Путин “Суриядаги қийинчиликлар ҳаддан ташқари кўп давом этаётгани ва томонлар зўравонликка якун ясаш учун қўлларидан келган барча имкониятларни ишга солишлари лозимлиги” билан келишдилар. Оқ Уй кўрсатиб ўтишига қараганда, «суҳбат жуда яхши ўтди ва Сурияда гуманитар ва бошқа сабабларга кўра мустаҳкам тинчликка эришиш учун хавфсизлик зоналарини яратиш ёки деэскалацияни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишни ўз ичига олди».

Баённомада айтилишича, 3-4 майда Америка Қўшма Штатлари Остонада (Қозоғистон) бўлиб ўтадиган Суриядаги ўт очишни тўхтатиш борасидаги музокараларга ўз вакилини жўнатади. Президентлар шунингдек бутун Яқин Шарқда терроризмни таг –томири билан бартараф этиш борасидаги ҳамкорликдаги ишларни муҳокама қилишди, дейилади хабарномада.

Оқ Уй матбуот релизи якунида билдирилишича, президентлар “Шимолий Кореядаги жуда хавфли вазиятни” қандай қилиб энг яхши йўл билан ҳал қилишни ҳам муҳокама қилдилар.

Кремл матбуот хизмати шунингдек Путин ва Трамп сешанба кундаги телефон суҳбатида “Корея яриморолидаги хавфли вазиятни батафсил кўриб чиқишгани” тўғрисида маълум қилди.

Бошқа халқаро муаммоларни муҳокама қилиш вақтида Россия ва АҚШнинг Суриядаги кризис контекстида халқаро терроризм билан курашишдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш истиқболига урғу берилди, деб ахборот беради Кремл.

Путин ва Трамп телефон бўйича мулоқот қилишни давом эттириш борасида ва шунингдек Гамбургда 7-8 июлда бўлиб ўтадиган “йигирматалик гуруҳи”нинг саммити доирасида шахсий учрашув ташкил этиш фойдасига ўз фикрларини билдирдилар, деб айтиб ўтади Кремл матбуот хизмати.

 

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz