Москвада пиёдаларни босиб кетган қирғизистонлик ҳайдовчи қамоққа олинди

Москва Таган район суди душанба куни шаҳар марказида пиёдаларни автомашинасида босиб кетган қирғизистонлик ҳайдовчини икки ойга қамоққа олиш ҳукмини чиқарди.  Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар тарқатди.

Автоҳалокат шамба куни Ильинка кўчасида бўлган Ҳайдовчи йўл четига чиқиб, пиёдаларни босиб кетган. Натижада икки мексикалик, икки озарбайжонлик, икки россиялик ва бир украиналик жами 7 нафар жабрланувчи турли жароҳат билан касалхонага келтирилди.

“Тергов натижларига кўра, Чингиз Анарбек ўғлини икки ойга қамоққа олиш ҳукми қабул қилинди”, – деб билдирган судья Наталия Ларина.

Полициячиларга сўроқ давомида берган кўрсатмаларида Чингиз Анарбек ўғли Москвага ишлаш учун бир ойча аввал келгани, икки йилдан бери машина ҳайдаши, ҳайдовчилик гувоҳномасини эса 2013 йил олганини айтади.

Ички ишлар бошқармаси берган маълумотга кўра¸ шу давр мобайнида у бирор марта йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган.

Сўроқ давомида Чингиз Анарбек ўғли ҳодисадан аввал 20 соат дам олмасдан ишлаганини айтади. Чингизга кўра, бундан олдан у 2-3 соатгина ухлаган, сўнгра пул ишлаш учун «Шереметьево» аэропортига чиқиб кетган.

Қирғизистонлик муҳожир ҳодиса қандай содир бўлганини ўзи ҳам билмай қолганини айтади.

– Тормозни босмоқчи эдим, яна бир кишини ўтказиб юбормоқчийдим. Бир зум ҳушим бошимдан учиб, газ тепкисини босиб юборибман. Мен тормозни босдим, деб ўйловдим. Нимадир бўлиб, ҳушим бошимдан учди. Кейин одамларни уриб юбордим. Буни кўриб, қочиб қолдим, деди Чингиз.

Ҳайдовчига кўра, у ғазабланган оломон қўлида тилка-пора бўлмаслик учун воқеа жойидан қочган.

Терговчининг «Содир бўлган ҳодисадан афсусдамисиз?» деган саволига қирғизистонлик таксичи: «Жуда афсусдаман», дея жавоб берган.

Ижтимоий тармоқларда Чингизнинг авария жойидан «Ўлдирманглар!», деб қочиб кетишга уринаётгани видеоси ҳам тарқалди.

Россия Федерациясининг Жиноят кодекси бўйича қирғизистонлик фуқаро икки йилга қамалиши ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан ажратилиши мумкин.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган