Москвада ЙТҲ содир этган қирғизистонлик ҳайдовчи рулда ухлаб қолган

Москва марказида йўл транспорт ҳодисасини содир этган ва бир нечта кишини уриб юборган Қирғизистон фуқароси бўлмиш такси ҳайдовчиси газ педалини тормоз билан адаштириб қўйганини айтмоқда.

Унинг сўроқ қилиниши акс этган видео якшанба куни Россия ИИВ Москва шаҳар бошқармаси сайтида эълон қилинди. Ҳибсга олинган шахс алкоголь қабул қилмаслигини, авария содир этилгунга қадар рулда 20 соатга яқин бўлганини, унга қадар эса икки соат ухлаганини айтмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, Россия пойтахтида бир ой бўлган, ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни 2013 йилда олган, ҳайдовчилик тажрибаси эса икки йил экан. Ҳибсга олинган фуқаро юз берган ҳодисадан афсусда эканлигини билдирди. Бундан аввал Россиянинг «Интерфакс» ахборот агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда, Москва марказидаги ҳодиса рулда ухлаб қолган такси ҳайдовчисининг айби билан юз берганини маълум қилган эди.

«Тиббий кўрик такси ҳайдовчиси Анарбек Чингизнинг организмида алкоголь йўқлигини кўрсатди», — дея хабар берди «Интерфакс» суҳбатдоши.

Москва марказидаги Ильинка кўчасида таксист йўл белгисига эътибор бермай машинасини пиёдалар йўлагига чиқариб юбориб, йўловчиларни уриб юборди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Етти кишига тиббий ёрдам кўрсатилди. Мексиканинг Москвадаги элчихонаси Twitter’ида жароҳат олганларнинг икки нафари Мексика фуқароси экани айтилади. Улар “кичик” жароҳат олди ва уларнинг аҳволи “барқарор” ҳолатда.

Москва шаҳар полицияси баёнот бериб, такси ҳайдовчиси автомобил устидан назоратни йўқотганини, шу сабабли автомобиль Қизил майдон яқинида пиёдалар йўлагига чиқиб кетганини маълум қилди. Бу майдон – футбол бўйича жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун Россияга келган хорижлик сайёҳлар келадиган асосий жойлардан биридир.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айман Кулукеева Facebook орқали баёнот бериб, Қирғизистон ТИВ вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилди.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган