Милиция Бозор-Қўрғонда Текебаев тарафдорларининг намойишини тўхтатиб қўйди

Бир неча кундан бери Бозор-Қўрғоннинг Бишкек – Ўш автотрассасидан ўтадиган йўл бўйлаб ҳибсга олинган «Ата-Мекен» раҳбари Омурбек Текебаевнинг тарафдорлари сиёсатчининг озод қилинишини талаб қилиб норозилик намойиши ўтказишяпти.

Намойишнинг 50ка яқин иштирокчилари 9 март куни тинчлик билан йўл бўйлаб туман маъмурияти биносигача юриб бормоқчи бўлишган. Вазиятни кузатиб турган милиция ходимлари одамларни орқага қайтарган. Туман Ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, юриш иштирокчилари орасида тушунтириш ишлари олиб борилганидан сўнг улар ортга қайтишган.

Эслатиб ўтамиз, Текебаевнинг тарафдорлари март бошидан буён Бишкек – Ўш йўлида намойиш ўтказишяпти. Аввалроқ улар намойишнинг муддатсизлигини айтиб, юрталарини ҳам ўрнатиб олишган эди.

Вазиятни 50ка яқин милиция ходими кузатиб турибди.

Коррупция ва қаллобликда айбланаётган Текебаев, Давлат миллий хавфсизлик хизматининг изоляторида сақланяпти. Депутат россиялик тадбиркор Леонид Маевский аризасига асосан қўлга олинган. Маевскийнинг айтишича у 2010 йили «Мегаком» акцияларини сотиб олишда ёрдам бериши учун Текебаевга бир миллион доллар берган.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган