Мен террорнинг олдини қандай олишим мумкин?

Санкт-Петербургда метрони портлатишда айбланаётган йигит менинг районимдан ва деярли тенгдошим эканини ўқиб, тўғриси қаттиқ ачиндим у йигитга .

Ёш йигитлар «Ўзбекистон Исломий Харакати» «ИШИД» «Толибон» каби террор гуруҳларига билиб-билмай қўшилиб ўз жонига қасд қилишмоқда.

Сурияни қарасанг ҳам, афғон жангоҳларида ҳам ҳамшаҳарларимдан, миллатдошларимдан бирининг  чиқиб туриши албатта, ачинарли ҳол. Энг ачинарлиси энди кучга тўлган, миллати учун, ватани учун буюк ишларга қодир бўлган ёш йигитлар диний фанатизмнинг қурбони бўлишмоқда . Азалдан космонавт, шоир, спортчи, ёзувчилар юрти бўлган Ўшдан бугун кимлар чиқяпти?

Ўрта Осиёда энг демократик давлат бу Қирғизстонлиги барчага маълум, лекин демократияни ўз разил истаклари йўлида ишлатаётганлар Ватанимизнинг тинчлигини, Ватанимиздаги сўз эркинлигини, дин ва эътиқод эркинлигини ҳавф остига қўяётгани етмагандай, бизнинг ёшларни ҳам ўз сафларига тортишмоқда.

Ёшлар уч ҳолатда террорчилар сафини тўлиқлайдилар: 1 – Диний билим йўқлиги 2 – Етишмовчилик ва йўқсиллик 3 – босим остида ва жоҳилликдан.

Моддий томондан йўқсил ва бирор жабҳада қаттиқ сиқувга олинганлар террор нишонига айланадилар. Менимча террорга қарши курашишнинг янги усулларини синаб кўришимиз керак. Террорга қарши курашишнинг илк поғонаси ушбу террорга мойиллик ёшларда қандай пайдо бўлганини англашдан бошланиши керак.

Албатта зўравонлик зўравонликни туғдиради. Биз ёшлар террорга қарши курашишни ҳавфсизлик хизмати ёки муллаларга ташлаб қўймай , ўзимиз ҳам террорга қарши курашиш учун бирор йўлини топишимиз керак.

Террор балоси Африкада тарқалган эбола вабосига ўхшайди, террор ҳам вабо сингари, олдини олиб нафақат ўзимизни балки ёнимиздагиларни ҳам огоҳликка чақириб, “террор вабоси”га қарши туриб террор ғоясини йўқ қилмасак террор бизнинг тинчлигимизни, демократиямизни, юзлаган тирик жонларни йўқ қилиши мумкин. Шундай экан биз барчамиз бу “вабо”га қарши курашишга ҳисса қўшишимиз керак. Лекин, қайси йўл билан курашишимиз керак? Шахсан мен нима қилишим мумкин? Бу йўл нимадан иборат?

Муаллиф: Умар Туркистоний, блоггер

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган