Коронавирус сабаб 2020-йилги Олимпиада ўйинларига Токио эмас Лондон мезбонлик қилиши мумкин

Токио-2020 ташкилий қўмитаси Олимпия ўйинлари учун кўнгиллиларни тайёрлаш жараёнини кечиктирди. Бунга бутун дунёга хавф солаётган COVID-19 коронавируси сабаб бўлмоқда, дея хабар берди ташкилий қўмита матбуот-хизмати.

Кўнгилиларни жамлаш айни кунларда амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аммо ташкилотчилар ҳали Олимпия ўйинларини бекор қилиш масаласини кўриб чиққани йўқ. Бир томондан Токио ҳукумати барча оммавий тадбирларни бекор қилмоқда. Шу боис ҳам 2,7 минг кишидан иборат кўнгиллилилар учун Олимпия ўйинларида ишлаш жараёнига бағишланган тренинг жорий йилнинг май ойи ёки ундан кейинроққа қолдирилади.

Бир неча кун муқаддам Лондон томони ўзларини Халқаро Олимпия қўмитасига 2020-йилги Олимпиада ўйинларини ўтказиш учун альтернатив номзод сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди. Британия пойтахти мэрлигига номзодлардан бири Шон Бэйли Японияда ҳам коронавирусдан бир неча юз киши зарар кўргани ва унинг тарқалишидан ташвишда эканини билдирди. Ўз навбатида Токио мэри Юрико Коике Шон Бэйлининг Олимпия ўйинларини Лондонга кўчириш ҳақидаги таклифига танқидий фикр билдирди.

“Бу масаладан шаҳар мэрлиги учун курашда ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш яхши эмас”, деди Юрико Коике. Таъкидлаш жоиз, ХОҚ ҳали бу борада якуний қарорни қабул қилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Британия пойтахти бунгача 1908, 1948 ва 2012 йилларда ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилган.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Вирусдан бугунгача 2619 киши ҳалок бўлди, 79 561 киши у билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган