Конгресс президент Трампга импичмент эълон қилиш таклифи билан чиқди

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси, калифорниялик демократ Брэд Шерман чоршанба куни Конгрессга мурожаат қилиб президент Трампга импичмент эълон қилиш таклифи билан чиқди.

Шерман ўз талабларига изоҳ берар экан, Трамп қўпол равишда қонунни бузганини, ФТБ (Федерал Тергов бюроси) директори Комини истеъфога чиқариб одил судловга тўғоноқ бўлганини айтди. Маълумки Коми ўтган йилги сайловолди компаниясида “Россия изи” борлиги билан боғлиқ тергов жараёнларига раҳбарлик қилаётган эди.

Конгрессмен ФТБнинг истеъфога чиқарилган директорининг сўзларига таянар экан, президент ундан миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флиннинг Россия вакиллари билан алоқалари юзасидан бошланган тергов ишларини тўхтатишни талаб қилганини айтди.

Бу Трамп ваколатларини муддатдан аввал тўҳтатиши юзасидан қонун чиқарувчилар томонидан илгари сурилган биринчи расмий ташаббусдир. Айни дамда бу ташаббусни икки нафар конгрессмен қўллаб-қувватламоқда. Демократлар раҳбарияти бу қадам ўз вақтида ташланганлигига ишонмаяпти. Чунки импичмент борасидаги таклиф қуйи палатанинг кўпчилик аъзолари, томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Қуйи палатада республикачилар 46 та кўп овоз билан устунликка эга. Муқобил таклиф сифатида мухолифат Конгрессга мурожаат қилиб, мустақил комиссия таъсис этилишини ва унга президентлик пойгаси даврида Трампнинг Кремль билан “тил бириктириши” бўлган ёки бўлмаганини ўрганишни топшириш керак, деган таклиф билан чиқди.

Оқ уй матбуот котиби Сара Хакаби-Сандерс калифорниялик демократнинг таклифини “ақлсизликнинг кўриниши ва энг ёмон тарздаги сиёсатбозлик”, дея атади.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган