Қирғизистонда 4 мадрасанинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди

Қирғизистонда 4 мадрасанинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу тўғрисида Қирғизистон мусулмонлари Диний Бошқармасининг (ҚМДБ) вакили Қуштарбек Маматов хабар қилди.

Унинг таъкидлашича, ушбу муассасалар рухсатномасиз фаолият кўрсатишган ва уларда болаларни ўқитиш учун ҳеч қандай шароит бўлмаган. Унинг гапларига қараганда, юқорида айтиб ўтилган мадрасаларда ўқитиш жараёни масжидлар ҳудудида бўлиб ўтган: «Шу вақтгача биз уларни кузатган эдик ва огоҳлантиришлар берган эдик. Уларда ҳеч қандай мадраса биноси бўлмаган, ўқитиш масжидда олиб борилган. Биз уларга қонун меъёрларини тушунтирдик, ана шу қоидаларни кўрсатдик».

Аввалроқ, Бишкек шаҳри ИИББ, вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекция, муфтийлик, туман ҳокимиятлари ва бошқа давлат органлари вакилларидан иборат бўлган комиссия диний таълим муассасаларини текширган эди. Текшириш натижаларига кўра, бир қатор мадрасаларда хавфсизлик техникаси ва санитария меъёрларининг бузилганлиги аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 102та мадраса фаолият кўрсатади. Уларнинг ярмидан кўпи қайд этилган ва ўз фаолиятини қонун доирасида олиб боради.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz