Қирғизистон журналистлари учта ОАВга қарши даъводан ҳавотирда

Қирғизистоннинг Мустақил журналистлар иттифоқи (МЖИ) Бош прокуратуранинг «Озодлик» радиоси, «Заноза» ахборот сайти ва ҚСДПга қарашли «24.kg» агентлиги таҳририятларига қарши йирик миқдордаги даъвосидан ҳавотир билдирди.

МЖИ раҳбари Тамара Валиева томонидан тарқатилган мурожаатномада айтилишича, демократик жамиятда танқидни қабул қилмаслик ва мулоқот юрита олмаслик, маъқул келмаган ОАВга нисбатан ёмон муносабатда бўлиш кабиларга йўл қўйилиши мумкин эмас. ОАВ ҳам ўзлари тарқатаётган ахборот учун масъулиятни унутмасликлари лозим.

«Ўйлаймизки, ҳукуматда ОАВ билан мунозарали масалаларни ҳал қилишнинг бошқа йўллари ҳали мавжуд, шунинг учун танглик вазиятини юзага келтирмасдан барча даъволарни қайтариб олишга чақирамиз», – дейилади мурожаатнома матнида.

Ташкилот матбуотга нисбатан босим ўтказиш фактлари бўйича очиқ мулоқот қилишни ва ОАВ масъулиятини ошириш борасида тавсиялар ишлаб чиқишни таклиф қилади.

Бош прокуратура мамлакат президентининг шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиб, «Озодлик» ва «Заноза» нашрларига қарши иккита даъво аризаси берган. ҚСДП «Жамоат таҳлили институти» директори Рита Карасартовани ва «24.kg» ахборот агентлигини партиянинг шаъни ва обрўсини ҳимоя қилишни сўраб судга берган.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган