Қирғизистон МСКда бўлинишлар кузатилмоқда

ҚР Марказий сайлов комиссиясининг тўрт нафар аъзоси комиссияда ўзларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида баёнот билан чиқди. Уларнинг сўзларига қараганда, масалаларни муҳокама қилишаётганда уларнинг фикри инобатга олинмаётган экан.

Шу муносабат билан комиссиянинг бу аъзолари мамлакат парламентига мурожаат билан чиқишди. Бу ҳақда уларнинг ўзлари 20 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишди.

МСК аъзоси Атир Абдрахматова шаффоф сайловлар ўтказишга шароит яратилмаётганини айтди:

«Ўтказиладиган йиғилиш ҳақида 15 дақиқа қолганда айтишади, кун тартиби номаълум бўлади. Қонун бўйича биз йиғилишда кўриб чиқиладиган мавзуга тайёргарлик кўришга улгуришимиз учун материалларни олдиндан олишимиз керак. Етарли маълумотларнинг йўқлиги сабаб қонун бузилишига йўқ қўймаслик мақсадида айрим ҳолларда “қарши” овоз беришга тўғри келади. Менинг таклифларим овоз беришга қўйилмайди. Қонун бўйича МСК раиси ва комиссия аъзолари тенг ҳуқуққа эга. Биз фақат сайлов жараёнини ташкилаштиришимиз керак. Бироқ бизга ташкиллаштириш учун ҳам, ишлаш учун ҳам шароит яратилмаган. Фаолиятимизга тўсиқ қўйиб, бизни қоралашади», – дейди Абдрахматова.

МСКда 12 аъзо мажлис ўтказади. Комиссиянинг 20 сентябрь кунги мажлиси айрим аъзолар қатнашмагани боис ўтказилмади.

Марказий Сайлов комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова баёнот бериб, комиссиянинг айрим аъзолари МСК ишига тўсқинлик қилаётганини айтди ва уларни президентликка номзод Омурбек Бабанов манфаатларни ҳимоя қилувчилар деб атади.

«Бугун тарғибот-ташвиқот қоидалари бузилиши, жумладан номзод Бабанов билан боғлиқ масала кўриб чиқилиши керак эди. Бошқа масалалар ҳам бор эди. Менинг фикримча, бу масалалар кўриб чиқилмаслиги мақсадида улар атайлабдан йиғилишга тўсқинлик қилишмоқда”, – деди Шайлдабекова.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz