Қирғизистон 16та мамлакатдан келганлар учун уй карантини жорий қилди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш министрлиги  COVID-19 коронавируси қайд қилинган 16та мамлакатдан келган фуқаролар учун мажбурий 14 кунлик уй карантини жорий қилди.

Бундан аввал карантин стационарига Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон ва Япониядан келганлар юбориларди. Бу мамлакатлар ҳамон рўйхатда. Уларга қўшимча равишда 16 та давлат киритилди, бу давлатлардан келган фуқоролар мажбуран уйда карантинда бўлиши керак. Бу давлатлар Франция, Германия, Испания, Сингапур, АҚШ, Қувайт, Бахрейн, Таиланд, Тайвань, Швейцария, Буюк Британия, Австралия, Малайзия, Канада, Ироқ, БАА.

Нью-Йоркда Халқаро муносабатлар Кенгаши айнан вирус тарқалиши боис «Коронавирус таъсирида бизнес юритиш» деб номланган давра суҳбатини бекор қилди. АҚШда янги турдаги COVID-19 вирусига чалинганлар сони мингтадан ошиб кетди. 30 дан ортиқ киши вафот этди, ўлганларнинг кўпчилиги –Вашингтонда. Оқ уй баёнот бериб, президент Дональд Трамп коронавирус оқибатларини юмшатиш мақсадида йил охиригача америкаликларни ойликларидан олинадиган солиқдан озод қилишга қарор қилганини билдирди.

Айни дамла Италияда Европа мамлакатлари орасида энг кўп коронавирус қайд қилинди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, бу мамлакатда беморлар сони 9 минг кишидан ошиб кетди, 400 дан ортиқ бемор вафот этди. Мамлакат расмийлари оммавий тадбирларни бекор қилди, мактаблар ва университетлар беркитилди, шунингдек фуқороларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши чекланди.

Меҳнат муҳожирлари бўйича Европа мамлакатлари орасида етакчилик қиладиган, фуқаролари асосан пул топиш мақсадида Италияга кетадиган Молдовада кечадан бошлаб барча мактаблар, болалар боғчалари ва олий таълим даргоҳлари карантин сабаб беркитилди. Шунингдек, жамоат жойларида тўпланиш ва кўп кишилик тадбирлар ўтказиш борасидаги тақиқлов кучга кирди. Куни кеча Чехия, Словакия ва Грециядаги ўқув муассасалари карантин туфайли беркитилди.

Москвада коронавирус тарқалиши боис 10-апрелга қадар беш мингдан ортиқ киши иштирок этадиган тақдирда оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланди. Тақиқлов «спорт, томоша, оммавий ва бошқа тадбирларга жорий қилинади», дейилади Москва мэрининг буйруғида.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг хабарига кўра, мамлакатда касаллик билан боғлиқ 80 754та ҳолат қайд қилинди: бир кеча кундузда Хитойда камида 19 кишида коронавирус аниқланди. SCMP маълумотига кўра, жаҳонда мазкур вирусга чалинганлар сони 114 744 кишини ташкил қилади.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган