Г. Базарбаев: ўт ўчириш хизмати 10 қаватдан юқори биноларда ёнғин чиқса, ёрдам бера олмайди

Ўш шаҳридаги ёнғин ҳавфсизлиги хизматида кўп қаватли уйларда ёнғин чиққан ҳолатларда, унга қарши курашиш учун шароит етишмайди.  9- қаватгача етадиган нарвонлари бор, аммо бугунги кунда қурилаётган уйлар 10 қаватдан иборат бўлмоқда.  Бу ҳақда “Онут” кўрсатувида ҚР ФҲМ ёнғинни ўчириш, олдини олиш ва авария ҳолатидаги қутқарув ишлари бўлимининг бошлиғи  Усен Эргешов билдирди.

“50 метргача етадиган машинани вазиятдан келиб чиқиб, энди буюртирдик”,- деди  У. Эргешов.

Аммо ҚР Ҳукуматига қарашли Экология ва техника ҳавфсизлик бўйича давлат  инспекциясининг Ўш шаҳри бўйича  регионлараро бошқармасининг катта  инспектори Гуламидин Базарбаев 30 метрлик нарвонлар машинани бино яқинига қўйгандагина 9 қаватга етишини таъкидлади.

“Аслида ўт ўчириш машинаси кўп қаватли иморат олдида бинога ёпишиб турмайди. Кейин нарвон кўтарилганда градуси ўзгариб, фақат 7-қаватгача етиши мумкин”,-дея билдирди.

ҚР Ҳукуматига қарашли Экология ва техника ҳавфсизлик бўйича давлат  инспекциясининг маълумотига кўра, Ўш шаҳрида 668 кўп қаватли бинолар бор. Унинг 640 иттифоқ даврида қурилган. Мустқилликдан кейин қурилган кўп қаватли уйларнинг сони 28ни ташкил қилади.

Ўш шаҳар архитектураси томонидан шаҳарда 2012-2018 йиллар ичида 32 кўп қаватли уйларнинг қурилишига рухсат берилган. Ҳозирда унинг 14таси қурилмоқда.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган