Фавқулотда ҳолат: рухсатнома беришда электрон тизим ишга туширилади

Бишкекда фавқулотда ҳолат амал қилаётгани боис рухсатномалар беришда электрон тизим жорий қилинади. Бу ҳақда комендант Алмазбек Орозалиев маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, ҳужжатларни қабул қилиш, ишлаш ва бериш Бишкекдаги тўртта туман –Ленин, Биринчи май, Октябрь ва Свердлов туманлари ички ишлар бўлимларида амалга оширилади. Фуқоролар уйдан чиқмаган ҳолда рухсатномаларни олишлари мумкин.

Фавқулотда ҳолат жорий қилиниши муносабати билан шаҳарликлар, жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини элтувчи тадбиркорлар ҳар куни рухсатнома олиш учун навбатда туришга мажбур бўлмоқда. Комендатуранинг иш фаолиятидан норози бўлган одамлар ижтимоий тармоқларда ўзларининг норозиликларини билдиришмоқда.

Коронавирус тарқалиши муносабати билан 25-мартдан бошлаб Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари, Ўш областининг  Новқат, Қорасув туманлари, шунингдек Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани ҳудудида фавқулотда ҳолат режими амал қилмоқда. Бу ерларда соат 20:00 дан 7:00 гача комендантлик соати жорий қилинган, шу сабабли фуқоролар ва транспорт ҳаракати чекланган.

Сўнги маълумотларга қараганда, Қирғизистонда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 10та янги ҳолат аниқланди. Бу ҳақда республика штаби мажлисида маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш министрлигининг маълумотига кўра, янги ҳолатларнинг ҳаммаси Жалолобод областида қайд қилинган.

Шу тариқа, Қирғизистонда 30-март ҳолатига кўра коронавирус 94 кишида аниқланди. Шундан 32 таси Ўш областида, 50 таси Жалолобод области, 8 таси Бишкек, 1 та Боткен области, 2 та Чуй области, 1 таси Норин областида  экани айтилмоқда.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган