Бунақасини эшитганмидингиз: Ўликлар билан яшаган Сулавеси аҳолиси

Индонезиянинг  Сулавеси оролида истиқомат қилган  Тораджа аҳолиси хайратларга бой шу билан бирга қўрқинчли бир урфни қўллашади. Оила аъзоларидан бири вафот этса, ўлик билан бирга бир уйда яшаш оролликлар учун одатий ҳол. Улар жасад учун махсус бир хонани ажратиб, оддий тўшак солиб ётқизишиб, ҳеч нима бўлмагандек кундалик турмушини давом эттиришаверади.

“Уйдан бирон киши вафот этганда биз аза тутиб йиғламаймиз, чунки у аввалгидай биз билан яшаб, оиламизнинг тўлиқ аъзоси ҳисобланаверади”- дейди  Сулавеси оролининг бир фуқароси.

Ҳар куни икки махал таом бериб, эрталабки  кофесидан тортиб, агар тириклигида тамаки чеккан бўлса, сигаретигача олиб кириб туришади. Бундан ташқари тирик одам каби сухбатлашиб, хабар олиб турилади.

Шу билан бирга севимли ёридан айрилиб ёлғиз қолганлар ҳам, жонсиз тана билан бир хонада ётганларни ҳам учратиш мумкин.

86 ёшдаги  Дандуронинг вафот этганига икки йилдан ошган, аммо у ҳамон оиласи билан яшамоқда. Дандуронинг фарзанди: “Отам ҳаммасини эшитиб,  сезиб туради. Унинг арвоҳи жуда сезгир. Агар биз ундан хабар олмай қўйсак ёки овқатини ўз вақтида олиб кириб бермасак, унда унинг арвоҳи уради. Шунинг учун биз беморни парвариш қилгандай дадамнинг жасадини ювиб, овқатини бериб қараймиз”, – дейди.

Пауло Сиринда исмли кишининг вафот этганига 12 йил бўлган. Шунча йилдан буён сақланиб турган жасад қоқ суякка айланиб қолган. “Вафот этиши билан дафн қилиб қўйсак бўларди, аммо дадам тасодифан ўлиб қолгани учун, бизнинг қайғуйимиз отамни кўмгандан кейин баттар бўларди”- дейди унинг қизи.

Қизиғи уйдаги кичкина гўдаклар ҳам қўрқмасдан хонага кириб: “Бобо туринг чой ичамиз ёки меҳмон келди”, – каби сўзларни айтиб у билан ҳар доимгидай сухбатлашади.

Мазкур оролда ўликни сўнги сафарга кузатиш одати алоҳида тантана билан тўй каби ўтказилади. Қурбонликка юзлаб жониворлар сўйилиши шарт. Мана шу боис ҳам керакли маблағ тўплангунга қадар ўликни сақлашга мажбурмиз дейди оролнинг баъзи бир яшовчилари.

Сўнги сафарга кузатиш маросимида жуда кўп ҳаражат сарфланиб, унга юзлаган жониворлар қурбонлик қилинади. Буларнинг ичида энг асосий жонивор буқа хисобланади.

Бу ердагилар буқа қонини ўликни дафн қилиш маросимининг рамзи деб билишади. Улар қанчалик кўп буқа сўйса, ўлган кишининг арвоҳлари шунчалик миннатдор бўлиб, тинчланади деган тушунчада яшашади.

Бу ерликлар махсус қурбонлик қилинувчи майдонда буқаларнинг барини олиб чиқиб, икки- иккидан уриштиришади. Қонталаш бўлгунга қадар сузишган буқалар қачонгина чала жон бўлиб қолганда уларни бўғизлаб, гўштларини кесишади. Дафнга келганлар эса, сўйилган буқаларнинг гўштларини истаганча олиб кетишлари мумкин.

Шундан кейингина қазо бўлган кишининг яқинлари ўкириб йиғлаб, жасадга янги кийимлар кийгизиб, танани мойлаб, яна бир қатор одатлар билан уни дафн қилишар экан.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган