Блог. Уйимнинг маликаси – қизим ҳақида ўйлар

25 апрель қизлар куни ёки бошқача айтсак қиз фарзандларнинг куни сифатида нишонланар экан. Буни бугун интернетдан билибман. Бу сана оила даврасида нишонланувчи меҳр, севги куни дейилади манбаларда. Билмадим, бугун ишдан сўнг бу сана ҳурматига оиламиз даврасида бирор фарқли нарса қилмасак керак, лекин шу баҳона яна бир бор қизим ҳақида, унинг келажаги ҳақида ўй сурдим.

Ўзимдан келиб чиқиб айтишим мумкун-ки, оталар ўғил фарзандли бўлишни қанчалик истамасинлар, барибир негадир қизларига бошқача меҳр қўядилар. Ўз навбатида қизлар ҳам кичик ёшдан бошлаб отасига ғамхўрлик қила бошлайди. Қиз боланинг отасига меҳри бошқача бўлгани каби оталар ҳам қизининг тола сочига зарар етишини истамайди. Хатто эсган шамолдан ҳам ҳимоя қилгиси келади. Бироқ…

Ҳамма ерда бўлганидек шу “бироқ” бу мавзуда ҳам бор.

БМТ ҳисоботларига кўра дунё бўйича 5 ва 14 ёш орасидаги қиз болалар айни ёшдаги ўғил болаларга нисбатан 160 миллион соат кўпроқ уй ишларини бажаришади. Бу вақт эса уларнинг ўйин ўйнашлари, дарс қилишлари, ўртоқлари билан суҳбатлашишлари ва қисқаси болалик даврини сура олиш муддатларини ўғирламоқда.

Негадир жамиятимизда қиз болаларнинг ўрта мактабда, сўнгра олийгоҳларда таълим олишига салбий муносабатда бўлиш ҳоллари кўп учрайди. Қиз бола ўқимаса ҳам бўлаверади деган тушунча кенг тарқалган.

Бир қиз фарзандига берилган таълим, билм нафақат унинг ўзига балки, унинг келажакдаги оиласининг, бутун жамиятнинг ўзгаришига катта таъсир қилади.

Яшириб нима қилдик, биз эркаклар қанчалик катта кетмайлик, қўлимизни мушт қилиб тугмайлик, оилада аёл кишини, рафиқамизнинг таъсир кучи жуда катта. Агар турмуш ўртоғингиз ўқимишли, оқ-қорани ажратадиган бўлса, сизга керак бўлганда ўзининг доно маслаҳатлари билан кўмакдош бўлса бунинг нимаси ёмон. Ёки унинг олдида ношуд кўрингандан кўра, ношуд аёлнинг олдида ўз кўрсатиш ёқадими бизга.

Бугун кичкинтой қизимиз эртага бир оиланинг тақдирини ўзгартира олиш қудратига эга аёлга айланади. Буни унутмаслик керак.

100 йиллар балки ундан ҳам кўп йиллардан бери муаммо бўлиб келаётган кераксиз, ортиқча тўй сарфлари-ю, ҳозирга келиб одатга айланган дабдабали тўй сеплари масаласининг бошида вақтида керакли таълимни олмаган, дунёга кенг боқа олмаётган аёллар турмаяптими ахир. Хатто масжид хутбасида ортиқча сарфнинг исроф экани ҳақида маъруза қилиб, ўзи тўй қилган вақт хотинининг ғалвасидан қутилиш учун элдан қолмаган имомларни ҳам кўрдик… Ўзининг қизини ўқитишни истамаган, лекин худди шу қизини фақатгина аёл дўхтирга кўрсатишни истаган оталарни ҳам кўрмаяпмизми. Сен ўқитмасанг, бошқалар ўқитмаса қизини, аёл дўхтир осмондан тушсинми?

Агар қиз фарзандаларимизга вақтида эътибор берсак, улар муваффақият қозонишса, бу ҳаммамиз муваффақият қозондик дегани!

Ҳозиргача Афғонистон, Ҳиндистон, Сомали каби давлатларда қанчадан қанча қизлар 10 ёшидан бошлаб мажбуран турмушга узатилмоқда. Бизнинг давлатларда ҳам қанчалаган қизлар ё эрта турмушга берилмоқда ёки балоғатга етмай зўрланмоқда. Сочининг бир толасига зарар етказишни истамай ўстираётган маликаларимиз учун биз қандай жамият, қандай дунё яратмоқдамиз!

Маликаларимизга кўпроқ эътибор берайлик, уларни эркалаб, суяйлик. Топган пулимизни сеп сандиқларига эмас, унинг таълимига, ҳунарига сарф этайлик.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz