Бишкек ва Москва Кантдаги ҳарбий базага оид келишувни ўзгартирди

Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга икки кунлик ташрифи давомида томонлар Кантдаги Россия ҳарбий базасини 40 гектарга кенгайтиришга келишиб олдилар.

Расмий маълумотларга кўра, ҳаво базаси учун йиллик ижара ҳақи 4,5 миллион доллардан 4,79 миллион долларгача оширилади. Шунингдек, база ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш қоидалари ҳам ўзгаради.

Қирғизистон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Райимберди Дуйшенбиев келишувдаги ўзгаришлар Кантдаги ҳарбий аэропортнинг учиш-қўниш йўлагида модернизация ишларини олиб бориш имконини беришини ҳам айтиб ўтган.

Янги протокол кучга кириши учун у ҳар икки тараф томонидан ратификация қилиниши керак. Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Аликбек Жекшенкулов бундан уч кун олдин Бишкек мамлакат жанубида Россиянинг яна бир ҳарбий базаси пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини билдирган.

Қирғизистон вице-президенти Жениш Разаков сўзларига кўра, Путиннинг сафари доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард АҚШ долларилик 65 та иккитомонлама битим имзоланиши кутиляпти.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган