Бегижон Аҳмедов: “Умумий хатарга қарши биргаликда кураш даркор”

Бегижон Маҳмудович, охирги ойларда халқаро терроризм хавфи дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб қолди. Кун аро турли мамалакатларда террорчилик юз бермоқда. Бунинг сабаби нимада?

–          Дарҳақиқат, терроризм деб аталган, инсоният тинчлиги учун хатарга айланган бу мудҳиш жиноят тури глобал муаммога айланди. Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, дунёда бир қутбли геосиёсатда икки ва ундан кўпроқ қутблар АҚШнинг яккахукмронликка даъвосидан қайтариб, дунёда бошқа мустақил кучлар борлигини исботламоқда. Бу катта, лекин кўз илғамас хуфёна рақобатда томонлар турли усуллар қўлламоқдалар.  Иқтисодий блокада, санкциялар қўллаш, рақобатчи давлатнинг стратегик иқтисодий ҳамкорларини турли йўллар билан тахтдан ағдариб ташлаш, кичик давлатларга ўз таъсир доирасига киргизиш ёки рақобатчисининг таъсиридан чиқариш учун зуғум ўтказиш, сиёсий мухолифат тузиб мамлакатдаги барқарорликни издан чиқариш, энг ашаддий гуруҳларга қурол ва маблағ бериб гражданлар уруши келтириб чиқариш ва ҳоказо услублар қўлланмоқда. Иккинчидан, бу рақобатда энг ёмон ва бутун инсоният тамаддуни ва келажаги учун хавфли нарса – айрим катта давлатлар ва уларнинг сателлитлари томонидан халқаро терроризмдан ўз геоманфаатлари учун қўлланиш бўлмоқда. Айрим террористик ташкилотлар ғарбий давлатларнинг махсус хизматлари тарафидан атайлаб геосиёсий ўйинларда ўз геомақсадларига етиш учун тузилмоқда. Бир давлат маълум террористик ташкилотни террорчи деса, иккинчиси уни миллий озодлик ҳаракати деб атамоқда. Ва аксинча, ҳақиқий миллий озодлик ҳаракатини керакли ҳолатларда террористик ҳаракат деб атамоқда.

Учинчидан эса ҳозиргача жаҳон бўйича ҳатто “терроризм” тушунчаси, унинг таснифи бўйича ҳам ягона умумий тушунча қабул қилинмаган. Турли давлатларнинг миллий қонунчилигида “терроризм” атамасига турлича изоҳ берилади. Бу кўринишлар дунё ҳамжамияти томонидан умумий хавфга қарши бирлашиб курашишга тўсиқ бўлиб келмоқда. Катта давлатлар учун миллий қизиқчилик умуминсоний хавфсизликдан устун бўлиб келиши салбий оқибатларга олиб келмоқда. Юқоридаги ва бошқа сабабларга кўра афсуски, Ғарб ва Шарқ ўртасида халқаро терроризмга қарши кураш бўйича ягона реал марказ йўқ.

Юқорида қайд этилган омиллар 5-10 йил аввал тарқоқ, ҳар бири ўз ихтиёрича ва ҳомийларининг буюртмаларига кўра иш олиб борувчи катта ва кичик террористик ташкилотларнинг бирлашиб жуда хавфли кучга айланишига олиб келди.

–          Террорчиларнинг бирлашиб кетишига нега тўсқинлик қилинмади? Бу қачон рўй берди?

–           2014 йилнинг 29 июнь куни халқаро терроризм  ўзларининг қора байроғини кўтариб ер куррасида янги “ДАИШ” – Ироқ ва Шом ислом давлати деган “давлат” тузганлигини эълон қилишди. Бу санадан сал илгарироқ такфирчилик оқимига мансуб ҳаракат иштирокчилари Ироқ ва Суриянинг анча ҳудудларини босиб олишди. Ўзларининг раҳбари Ал Бағдодийни дунё мусулмонларининг халифаси деб эълон қилишди. Ўзбошимча халифани ҳеч бир давлат ва халқаро ташкилотлар тан олган йўқ. Уни фақат майда террористик ташкилотлар тан олиб, унга бўй сунишлигини эълон қилишди. 80дан ортиқ мамлакатлардан каллакесарлар ДАИШга бориб қўшилишди. Кўпчилик мусулмон мамлакатидан Сурияга кетганлар ғоя учун жангларда иштирок этаётган бўлса, Европа ва бошқа қитъалардан келган ёлланма аскарлар учун асосий мақсад катта пул ишлаш бўлиб қолган. ДАИШ Ироқдаги банкларни, бойларни талаб, Ғарб, араб ва евросиёдаги давлатлардаги ҳомийларидан олаётган маблағлар натижасида 7 млрд. долларлик бюджетга эга бўлди. Масалан, босиб олган икки нефтни қайта ишлаш заводларининг бутун даромадини ДАИШ ўзиники қилиб олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатганидан ташқари, кунига 1,5-3 миллион долларлик бензин-мазут, нефть маҳсулотларини сотмоқда.

–          Террорчилар бидан ким савдо – сотиқ қилмоқда?

–          Улар ёнилғи маҳсулотларини жаҳон биржа нарҳларидан икки баробар паст баҳода сотгани учун бу заводларга келган ҳаридорларнинг чеки узилмаяпти. Уларнинг энг кўпчилигини, жаҳон ОАВ хабарларига кўра, туркияликлар ташкил қилган. Бу заводнинг олдида арзон, контрабанда ёнилғини сотиб олиш учун навбат кутиб турган бензовозлар карвонининг узунлиги ўн километрдан ошиб кетган. Бу карвонларнинг аэрокосмик фотосуратларини Россия Федерациясининг президенти В.Путин ноябрь ойида Туркиянинг Анталья шаҳрида бўлиб ўтган саммитга олиб бориб кўрсатган ва терроризмни молиявий қўллашни тўхташиш ҳақида давлат бошлиқларини ундаган.

БМТ, АҚШ ва бошқа давлатни огоҳлантиргач, Россия Сурия давлатининг илтимосига кўра Сурияда ДАИШга қарши ҳарбий-ҳаво операцияларини бошлаган. Ноябрь ойининг ўрталарида Россиянинг ҳарбий самолётлари юқоридаги заводни бомбардимон қилиб, террорчиларни даромад булоғидан маҳрум қилди. Операция пайтида бензовозлар карвонига ҳам шикаст етказилди. 24-ноябрь куни эса Туркиянинг қирувчи F-16  ҳарбий самолёти Сурия осмонида антитеррористик жанг олиб бораётган қирувчи СУ-24 самолётини Туркия чегарасини бузиб учганликда айблаб, кутилмаганда “ҳаво-ҳаво” ракетаси билан уриб туширди.  Биргаликда террорчиларни яксон қилиш ўрнига бундай курашни олиб бораётган давлат самолёти яксон қилинди. Буни Россия президенти “елкага урилган зарба” деб баҳолаб, ўзининг қатъий норозилик фикрларини билдирди. Қарангки, Сурия президенти Башир Асад масаласидаги ихтилофлари шу даражага етдики, Туркия томонидан қилинган бу кутилмаган ҳаракат ДАИШга қарши курашда ҳудуддаги давлатларнинг бирлашишига жиддий зарар етказди.

–          Наҳотки, терроризмга қарши биргаликда кураш олиб боришнинг иложи бўлмаса?

–          Албатта, иложи бор. Маълум ташкилотлар, масалан МДҲ, ШОС каби уюшмалар доирасида Махсус антитеррористик марказлар, келишимлар, коммюнике, конвенциялар тузилиб,  биргаликда аксилтеррор кураш олиб борилмоқда, у  ўз самарасини бермоқда. Мен дунё миқёсидаги терроризмга қарши курашда жаҳондаги барча давлатларнинг якдил, ягона фронт, бирлашган коалиция  бўлиб умумий душманга қарши бирлашиб кураш олиб бориши борасадаги муаммолар таҳлили бўйича фикрларимни билдирдим.

–          Сурия, Ироқдаги ва бошқа давлатларда рўй бераётган қовеалар ривожи бизнинг давлатимизга, Марказий Осиёга таъсир қиладими, агар таъсир этса, унга қарши қандай чоралар  кўриш керак, деб ўйлайсиз?

–          Халқаро терроризм ўз назарини биргина Сурияга эмас, бутун қитъаларга қаратган. Уларнинг машъум режаларига Марказий Осиёда диний давлат қуриш, бу минтақадаги мавжуд демократик тузумларни ағдариш, террор уюштириб, тинч ҳаётни издан чиқариш киради. Бизнинг республикамизда терроризм ва экстремизм кўринишлари охирги ўн йилликда кўпайди. GTD маълумотига кўра 2000 йилдан бери Қирғизистонда 18 терроризм кўринишлари рўй берган. Бир қанча террористик жиноятлар махсус хизматлар томонидан тайёрланаётган паллада олди олинган.

МДҲ (мустақил давлатлари ҳамдўстлиги), ШҲТ (Шанхай ҳамкорлик ташкилоти) доираларида, Минск конвенцияси аъзолари орасида  аксилтерроризм бўйича биргаликда ахборот алмашинуви, жиноятчиларни қидирув ва қўлга олиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу борада бизнинг республикамизда яхши тажриба тўпланган. Бироқ, бу билан бир қаторда, Россия Федерацияси билан иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда,  барча хавф-хатарларга қарши, миллий хавфсизлик тизимини такомиллаштириш, халқаро терроризмга қарши кураш борасидаги  ҳамкорликни янада кенгайтириш иккала давлатларнинг умумий қизиқиш ва мақсадларига мос келади.

Дунё ҳамжамияти ўзаро боғлиқ бир тана мисоли терроризм иллатидан жафо чекмоқда. Долзарб, глобал муаммога айланган терроризм, наркотрафик, одам савдоси каби умуминсоний хатарларга қарши жаҳондаги барча мамлакатлар сиёсий, диний, иқтисодий, ирқий ва бошқа ўзгачаликлардан қатъий назар, бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб ҳамкорлик қилиши давр талаби. Акс холда инсоният яна кўп йиллар давомида терроризм балосидан кўп жафолар чекади.

P.S.

Аҳмедов Бегижон Маҳмудович Мавлоно Румий номидаги цивилизациялар, маданиятлар ва динлар тарихини изланиш бўйича Халқаро илмий-маърифий Фонднинг Бош директори.

Терроризм ва диний экстремизм, миллий хавфсизлик масалалари бўйича Қирғизистонда ва ҳорижда таниқли эксперт. 30 йил давомида Миллий ҳавфсизлик хизматида маъсул лавозимларда ишлаган. Полковник ҳарбий унвонига эга. 4 китоб, 200 дан ортиқ таҳлилий, илмий-оммабоп мақолалар ва интервьюлар, ҳамда 22 илмий тадқиқотлар муаллифи. Уларнинг бир қисми чет элларда чоп этилган. 35 халқаро ва республика миқёсидаги конференциялар ва илмий анжуманлар иштирокчиси.

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz