«Атиргуллар очди чирой»: Бир вақтда бир нечта тилда куйланиб, севимли бўлган қўшиқ

Бир вақтнинг ўзида бир неча тилларда куйланаётган “Атиргуллар очди чирой” қўшиғи ҳали ҳам ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари диққат марказида турибди. «Ынтымак» мазкур қўшиқнинг илк муаллифлари билан суҳбат қурди.

Дилноза Акбарова ва Жасурбек Жаббаров томонидан қайта куйланган “Атиргуллар очди чирой…” қўшиғи қирғиз ва қозоқ тилларида ҳам куйлангач қўшиқ мухлислари орасида оммавийлашиб кетди. Шу билан бирга қўшиқнинг асл эгаси ким экани ва муаллифлик ҳуқуқи сақланганми, сизга қайси тилда куйлангани кўпроқ ёқди деган саволларнинг муҳокамалари давом этмоқда .

“Атиргуллар очди чирой…” қўшиғи илк бор Ўзбекистонда ишланган “Масхарабоз” фильми учун саунтрек сифатида ёзилган. Қўшиқнинг илк ижрочиларидан бири Козим Қаюмов “Ынтымак”қа берган интервьюсида бу қўшиқ қандай яралгани ва муаллифлари ким экани тўғрисида айтиб берди.

“Қўшиқ матни “Масхарабоз” фильмининг сценарийсини ёзган Шароф Бошбековга тегишли эканини, мусиқасини эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Мирхалил Махмудов яратган. Улар билан жуда кўп фильмларда ишлаганмиз”, – дейди машҳур санъаткор Козим Қаюмов.

Шунингдек, Козим Қаюмов ўзи ижро қилган қўшиқнинг ёшлар томонидан қайта куйланиши уни фақат хурсанд қилишини ва қирғиз, қозоқлар тилларида ҳам ижро қилингани қўшиқнинг яхши эканлигини исботи деб билишини айтиб ўтди.

“Атиргуллар очди чирой…” қўшиғи қирғиз ва қозоқ тилларида “Бўлайлик бирга”(«Бололу бирге») деб номланади. Қўшиқни қирғиз тилида Нурлан Насип билан биргаликда куйлаган қўшиқчи Самара Каримова “Озодлик”нинг қирғиз хизматига берган интервьюсида яхши қўшиқ бир неча тилга таржима қилиниб куйланаверишини, бу эса одатий ҳол эканини айтган.

“Бу қўшиқ бир неча тилларда куйланган экан. Унинг бошланиши Ҳиндистондан келган дейишади. Лекин мен ҳинд тилида куйланганини эшитмаганман. Ўзбекчасини, қозоқчасини эшитдим. Жуда яхши куйлашибди. Менга бу қўшиқни ижро этишни Нурлан Насип таклиф қилди. Мен рози бўлдим.”- дейди, Самара Каримова.

Ўзбекистонлик санъаткор Жасурбек Жабборов мазкур қўшиқни ижро этишдан аввал Козим Қаюмовдан рухсат сўрашганини ва ижродан сўнг устоз қўшиқчининг яхши баҳосини ҳамда дуосини олишганини айтди. Шунингдек, қозоқ қўшиқчилари ҳам улар билан алоқага чиққан.

“Мен қирғиз тилида айтилганини ҳам, қозоқчасини ҳам эшитдим. Менга ёқди, яхши айтишибди. Қозоқ дўстларимиз бизга қўшиқни ижро қилишгандан кейин телефон орқали боғланишди. Умуман олганда, санъат халқларни, миллатларни бирлаштириши керак-да. Майли, айтишсин, биз фақат хурсанд бўламиз”, – деди Жасурбек Жабборов.

Қўшиқ ижрочиларидан бири Дилноза Акбарова эса соғлиғи билан боғлиқ кичик муаммолар сабабли, бизга интервью бера олмади.

Қўшиқни уч тилда, уч турда тинглаб кўрган шоир Улукбек Омокеевнинг “Озодлик”ка билдиришича, матнни таржима қилишда асарнинг мазмун моҳияти сақланмай, шеър аслидан олислаб, муаллифлик ҳуқуқи бузилган:

“Мен бу қўшиқни аввал қозоқ тилида тинглаб кўриб жуда ёқтирдим. Матни ҳам, мелодияси ҳам таъсирли экан. Кейин қўшиқнинг аслини ўзбек тилида тингладим. У ундан ҳам яхши экан. Бизнинг қўшиқчилар эса қозоқ тилидан тўғридан-тўғри таржима қилиб олишибди. Ўзбек тилида сўзлари оз, лекин яхши матн. Масалан, “Юлдузлар ичра танҳо ой, азизимсан менинг” деган мисра қозоқ тилида умуман бошқача бўлиб ўзгариб кетган. Шу сабабдан қирғиз тилидаги таржима асл нусхасига ўхшамай қолибди”, – дейди шоир Улукбек Омокеев.

Уйғур тилида ижро қилиниб, “Эзизем” деб номланган вариантида эса қўшиқ сўзлари айнан ўзбек тилидагиси билан ўхшаш.

Ушбу қўшиқнинг кўп тилларда куйланишидан ташқари яна бир ўзгачалиги, айни бир вақтнинг ўзида турли миллат вакиллари ўртасида оммалашаётгани ҳамда ўз она тилида куйланган шаклини эшитган деярлик барча тингловчилар унинг бошқа тилдаги вариантини ҳам тинглаб кўриб, ўз муносабатини билдираётганидадир.

 

Жооп калтыруу

Пикир калтыруу

avatar
wpDiscuz