Атамбаев тўғрисида «маълумот топиш» мақсадида ҚР парламенти депутатлари Туркияда бўлишди

ҚР парламентининг депутати Қанатбек Исаев собиқ президент Алмазбек Атамбаевга боғлиқ ишлар юзасидан ҳамкасблари билан Туркияга бориб келганини маълум қилди. У бу ҳақда 26 июнь куни журналистларнинг саволларига жавоб қайтарар экан айтди.

«Биз у ерда нималарни топганимизни ҳозирча айтмайман. Атамбаев бир неча бор, «мен мультимиллионер эдим, Туркияда кўп пул топганман, у ерда миллионлаб ададда китоб чиқариб, уларни Москвага юборганман, шу тариқа мультимиллионер бўлдим ва капитал тўпладим», дея баёнот берган эди. Шу муносабат билан биз айрим ҳужжатларни топиш мақсадида Туркияга йўл олдик, шу сабабли мен депутатлар комиссиясининг мажлисида иштирок эта олмадим. Худо ҳоҳласа, ҳамма нарса ойдинлашади ва бизга жавоб келади».

Қанатбек Исаевнинг қўшимча қилишича, айни шу мақсадда яқин орада Москва шаҳрига йўл олади.

ҚР собиқ президентлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилгани муносабати билан Алмазбек Атамбаев 25 май куни Қирғизистон Социал-демократик партияси (ҚСДП) сафларидан чиқди ва партия раиси лавозимини топширди. Шунингдек у партия сиёсий кенгашига бошчилик қилишдан воз кечди.

13 июн куни Жўқорғу Кенешда айблов қўйиш мақсадида собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш борасида депутатлар комиссияси тузилди, комиссия 18 июн куни ўз хулосасини эълон қилди. Бу хулоса 20 июн куни парламент томонидан маъқулланди ва Бош прокуратурага юборилди. Ўз навбатида Бош прокуратура Алмазбек Атамбаевга қарши илгари сурилган олтита айбловдан бештасини асосли деб топди.

Бу масала кўриб чиқиш учун парламентга топширилди ва энди овоз беришдан ўтиши керак. Алмазбек Атамбаевдан дахлсизлик мақомини олиб ташлаш учун 120 депутатнинг 80 нафарининг овози керак бўлади.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган