Ғарб журнали Мирзиёевни мақтади

“The Diplomat” журнали Марказий Осиёда коронавирус билан курашишда қўшни ўлкаларга инсонпарварлик ёрдамини тарқатиб, ўзаро дипломатик алоқаларни изга солишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яхши ўрнак кўрсатаётганини ёзди.

“1-апрелда Ўзбекистон Афғонистонга коронавируснинг олдини олиш учун гуманитар ёрдам юбораётгани маълум бўлди. Тиббий ниқоб, махсус кийим, тана ҳароратини ўлчайдиган воситалардан тортиб, ун, ёғ, гуруч, совун ҳамда кийим-кечаклар юкланган поезд Тошкентдан Ангрен шаҳрига юборилиб, ундан кейин Мозори Шарифга етказилган.

Дунёни қоплаётган пандемия даврида халқаро сиёсий алоқалар деярлик тўхтаб, икки томонлама учрашувлар, форумлар ортга сурилди. Дипломатиянинг иши силжимай, ҳар бир ўлка пандемия билан ўз ҳолича курашмоқда. Шундай бўлса ҳам дипломатия булоқ каби бари бир  ердан ёриб чиқади. Пекин ҳозир касалликдан қийналган Ғарб дунёсига ёрдам қўлини чўзмоқда. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қўшни ўлкалар билан мана шундай қийин вазиятда алоқаларни узмасдан, Марказий Осиёдаги ҳақиқий стратегик лидерлигини кўрсатди”, – дейди муаллиф Кэтрин Пуз.

Муаллиф  “Эркин Европа/Озодлик” радиосининг баёнотчиси Брюс Паниернинг бошқа давлатлар раҳбарларининг вирус чиққанидан буён олиб бораётган ҳаракатларини ҳам мақолага қўшган.  Мирзиёев қўшнилар билан телефон орқали тез-тез алоқага чиқиб, коронавирус ҳали етиб бормаган Туркманистон ва Тожикистондан ҳам ҳол-аҳвол сўраган. Қирғизистонга ҳам Афғонистонга юборган каби инсонпарварлик ёрдамини берди.

Мана шундай вақтда Қозоғистон, Қирғизистон раҳбарлари ташқи алоқани телефон орқалигина чеклашмоқда. Душанба, 6 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 390 киши коронавирусни юқтирган.

 

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган