Алмамбет Шикмаматов депутатлик мандатини топширди ва «Ата Мекен» партияси сафидан чиқди

Парламентдаги «Ата Мекен» фракцияси етакчиси Алмамбет Шикмаматов депутатлик мандатини топширди. Бу борадаги тегишли аризани МСКга топширди, ҳамда «Ата Мекен» партияси сафидан чиқди. Бироқ сиёсатдан кетмаслигини билдирди.

«Бу осон қарор эмас. Мен «Ата Мекен»да 15 йил бўлдим, бу партия аъзолари мард ва ўз ғояларига содиқ дея биламан. Мен бу партиянинг барча аъзоларини, тарафдорларини биламан. Текебаев – катта тажрибага эга кучли сиёсатчи, тарихий шахс ва харизматик етакчи. Аммо бу ҳаёт. Орамиздан қора мушук ўтди, бироқ тафсилотларни айта олмайман. Энди орамизда турли қарашлар бор. Ва мен партия сафларидан чиқишга аҳд қилдим, менинг шаъним мандатдан юқори туради», -деди Шикмаматов.

Унинг қўшимча қилишича, бу қадам сиёсатдан кетишини англатмайди, у ўз фикрдошлари билан бирлашиб келажакда ҳам сиёсий фаоллият юритаверади. Шикмаматовнинг таъкидлашича, «сиёсат биргина Текебаевга тегишли эмас».

Алмамбет Шикмаматов 2011-йилдан 2014-йилга қадар Адлия вазири бўлган, 2015-йилда “Ата Мекен” сиёсий партиясидан Жогорку Кенеш депутати этиб сайланган, 2017-йилдан эса парламент фракциясига етакчилик қилиб келарди. Партия етакчиси Омурбек Текебаевнинг энг яқин ҳаммаслакларидан бири сифатида кўриларди.

Алмамбет Шикмаматовнинг депутатлик мандати партия рўйхатидаги кейинги номзод – Нурбек Сидигалиевга берилди. 46-ёшли Нурбек Сидигалиев аввал фавқулотда вазиятлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган