5 млн. долларлик иш учун қўлга олинган Мирлан Бегалиев уй қамоғига чиқарилди

2014-йили «Манас» аэропортига 5 миллион доллар миқдорида моддий зарар етказишда гумондор қатори қўлга олинган, аэропортнинг Бишкек филиали етакчиси Мирлан Бегалиев уй қамоғига чиқарилди. Бундай қарорни Бишкекнинг Биринчи май район суди 2-октябрда қабул қилди. Бу маълумотни суд вакиллари тасдиқлашди.

Унга кўра, Бегалиев 30-ноябргача уй қамоғида бўлади. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўйича давлат хизмати «Манас» аэропортидаги беш йил аввалги ноқонуний ишлар аниқланганини 1-октябрда эълон қилган. Ундаги маълумотларга кўра, 2014-йили ўша вақтдаги аэропорт етакчиси ноқонуний тарзда ўз манфаатларини кўзлаб, 5 миллион долларни офшор компаниялари орқали чиқариб кетган. Бунинг учун компания етакчиси инқирозга учраган корхона акцияларини 100 фоизини сотиб олиш бўйича шартномани имзолаган.

Мазкур факт юзасидан 2014-йили 30-сентябрда «Манас» аэропортидаги ҳуқуқий бўлимга етакчилик қилган, айни вақтда Бишкек филиали етакчиси Мирлан Бегалиев қўлга олингани хабар қилинган эди.

Мирлан Бегалиев ўзига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳеч қанақа изоҳ бермади.

Шарҳ қолдириш

Сизнинг E-mail манзилингиз эълон қилинмайди! Керакли бўлимлар юлдузча билан белгиланган